TG Telegram Group Link
Channel: Shahnoza Soatova blogi
Back to Bottom
Маҳаллий кенгашлар депутатларига янги ваколатлар бериляпти — энди маҳаллий даражадаги бир қатор муаммоларни туман (шаҳар) ва вилоят депутатлари Сенатгача олиб чиқишлари мумкин.

Президент фармони билан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид янги концепция тасдиқланди. Унга кўра, аҳоли муаммолари ва таклифлари “маҳалла – туман Кенгаши – вилоят Кенгаши – Сенат” занжири орқали юқори органларга тизимли ва тезкор тарзда етказилар экан.

Эндиликда маҳаллий Кенгашлар ўз ҳудудида долзарб ҳисобланган масалаларни Сенат муҳокамасига олиб чиқиш, қонун лойиҳалари юзасидан фикр ва таклифлар бериш имконига эга бўлади. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий дастурлар “маҳалла еттилиги” ва депутатлар ҳамкорлиги асосида шакллантирилиши айтиляпти.

Бу янгиликлар маҳаллий муаммоларни жойлардаги реал вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилишга йўналтирилган амалий механизм жорий этилаётганини кўрсатмоқда.
Энг яхши эътироф ўз жамоангники!

Менинг Адлия вазирлиги жамоасига қўшилганим ҳаётимдаги энг катта омадим, ютуқларимдан бири бўлган. Ўзига шукур!

Шу жамоада мен кўп нарса ўргандим, ўсдим, ривожландим. Бу ерда ижодкорни тушунадиган ва қўллайдиган одамлар энг юқори раҳбариятдан бошлаб барча бўғинларда бор Ҳаммангизга раҳмат — ОАВни тушуниш, ҳамкорлик қилиш ва қўллашдаги барча меҳнат ва имкониятларингиз учун!

Байрам муборак, ҳурматли матбуот ва ОАВ ходимлари!

@shahnozxon
"Олтин қалам" миллий мукофоти бош соврин ғолиби – "Гулхан" журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова! "Onix" автомобили берилди!👏👏👏

Заҳро опани чин дилдан муборакбод этаман! У кишини 25 йиллардан бери танийман. Ўша пайтлар "Ёш куч" журналида ишлар эдилар, мен эса янги университетни битирган ёш ходим эдим. Опа билан бир муддат битта хонада ҳам ишлаганмиз. Жуда кўп нарса ўрганганман. Кейин "Синфдош" журналида фаолият олиб бордилар, кейин "Ғунча" журналида бош муҳаррир бўлдилар, ҳозирда отахон "Гулхан" журналини бошқармоқдалар.

Ҳақиқий ўз касбининг фидойиси, узоқ йиллардан бери соҳага содиқ, журналистиканинг дарғаларидан.

Худди ўзим олгандек хурсандман. Опажон, соғ бўлинг, умрингиз узоқ бўлсин, журналистиканинг анъаналари ва идеалларини қадрлаб, сақлаб, ёш авлодга етказиб келаётганингиз учун катта раҳмат! Муносибсиз!

@shahnozxon
Ноқонуний тамаки савдоси — фақат иқтисодий эмас, балки жамият саломатлиги учун ҳам таҳдид!

Наманганда солиқ органлари томонидан олиб борилган рейдли тадбирлар давомида бозорларда ноқонуний, акциз маркаси йўқ тамаки маҳсулотлари савдоси аниқланди. Мана бу репортажда ушбу фаолият нафақат давлат бюджетига катта зарар етказаётгани, балки одамларнинг соғлиғига ҳам жиддий хавф солаётгани алоҳида таъкидланган.

Журналист ўринли равишда солиқ тўлаш — фуқаролик бурчи экани ва бевосита соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма каби соҳаларни молиялаштириш манбаи эканини эслатди.

Акциз маркасисиз маҳсулотларнинг келиб чиқиш манбаи номаълум бўлади. Бундай тамакилар кўпинча назоратсиз ишлаб чиқарилади, кимёвий қўшимчалар ва хавфли моддалар миқдори аниқ эмас.

Ўзи тамаки зарар. Бундай ғайриқонуний усулда тайёрланганида эса зарар каррасига кўп бўлиши мумкин. Улар одамларда нафас йўллари, юрак-қан томир, ҳатто онкология касалликларининг ўсишига сабаб бўлади. Бозордаги кадрларда ҳам аҳоли бу масалада фикр билдириб, соғлиққа хавф ҳақида қайғуришгани кўринди.

Давлат органлари ноқонуний тамаки савдосига қарши курашни кучайтириши лозим. Шу билан бирга, бу нафақат давлат органларининг, балки барчамизнинг вазифамиз эканини унутмаслик лозим. Сотувчилар бундай маҳсулотни сотмаслиги, харидорлар эса уларни харид қилмаслиги лозим. Чунки ҳар бир ноқонуний маҳсулот — бу халқдан ўғирланган маблағ ва инсон ҳаётига таҳдид.

Ва ниҳоят, қайси шаклда бўлмасин, тамаки истеъмоли соғлиқ учун зарарли. У нафақат сиз, балки яқинларингизнинг ҳам ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, ҳаёт сифати ва соғлом авлод учун тамакидан воз кечиш — энг тўғри қарор!
HTML Embed Code:
2025/06/28 17:03:54
Back to Top