Отамни кўмгани кетдим қишлоққа...
Қишлоққа чақирди отам кўп бора,
«Болангни етаклаб келиб кет», деди.
Бошлиққа айтишга ҳаддим сиғмас ҳеч,
Тугамаган ишлар жуда кўп эди.
Харжларни ўйлардим — борди-келдини,
Олти соатлик йўл, интернет, ишим...
Баҳона излаш билан ўтаверарди
Кўп баҳорим, ёзим, кузларим, қишим.
Отам: "Кел, олдимга бир ўтир", дерди.
Анов жўрам бор деб кўргани кетдим.
"Кел, энди бугун мен билан ёт", — деса,
Хижолатманд бўламан, ўзимни тортдим.
Кўнгилдан гаплашиб ололмадим ҳеч,
Ичида не сирлар асради отам...
Эллик минг ташласам телефонига —
Суюнчи олардим, ўзимча Ҳотам.
"Ҳаётинг яхшими?" — дер эди баъзан.
"Пулинг борми?" — дея сўрарди бот-бот.
Қийналиб турсам ҳам: "Тўкисман", — дея
Қаддини эгмасин дер эдим ҳаёт.
Билсам, бўлар экан баъзан истисно —
Тушунаркан ахир, айтса бошлиққа...
Ҳамма ишни ташлаб, ўз ҳолига жим,
Отамни кўмгани кетдим қишлоққа...
✍Нуриддин ЗИЁ
https://hottg.com/qashqadaryo_adabiyoti
>>Click here to continue<<
