TG Telegram Group Link
Channel: Мирзо Кенжабек ижодхонаси
Back to Bottom
****

ТЕРМИЗ ДАРАХТЛАРИ

Термиз – аждодларга қадимий ватан,
Еллари қалбимга берур фараҳлар.
Лекин хаёлимни тортар дафъатан
Хиёл бир томонга оғган дарахтлар.

Аён, эркаликдан бу боғлар холи,
Чунки касби бўлмиш кураш ва сабот:
Ниҳоллик чоғидан афғон шамоли –
Аччиқ қумлар билан сийламиш ҳаёт!

Ҳар шажар китобин еллар варақлар –
Яширин сир қолмас бирор япроқда:
Довуллар қўйнидан урён дарахтлар
Менинг юрагимга қараб келмоқда.

Тириклик ҳамиша талошли бўлур,
Ҳар кўчат бошида бўлғуси на ҳол? –
Ҳаёт жабҳасида бардошли бўлур
Силтовлар ичида ўсгувчи ниҳол.

Игналари билан игна барглилар
Шамолдан ўзига тикибдир ридо:
Яшил салтанатин сақлашга улар
Рақибдан ҳимоя топибдир ҳатто!

Термиз – аждодларга қадимий ватан,
Тафти ҳам қалбимдан оташ сўроқлар.
Лекин хаёлимни чулғар дафъатан
Шамолда силтаниб ўсган дарахтлар.

Шамоллар боғланиб, тинганда қуюн
Боғларни кузатдим: нечоғ бахтиёр!
Елларда – мозийлар саломи тайин,
Елларда ёмғирлар хушхабари бор!

Ҳар юрак шажардан топур фараҳлар,
Ҳар дилни яшиллик яшнатар тағин.
Лекин силтовларда ўсган дарахтлар
Кўнглимга яқиндир, кўнглимга яқин!..


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

АВЛИЁНИНГ ҒАЗАБИ

Нақлдирки, Шайх Ҳаким Термизийнинг аҳлу аёлидан сўрадилар: «Агар Шайх ғазабланса, сизлар ғазабланганини билар эдингизларми?» Улар айтдиларки: «Билар эдик. Агар бизлардан Шайхга бирор озор етса, ўша куни биз билан янада юмшоқроқ муомала қилар ва йиғлар эдилар. Йиғлаб, зорилиқ билан ёлвориб дер эдиларки: «Илоҳий, мен Сени нима иш билан ғазаблантирдим эканки, буларни менга қарши ғазаблантириб қўйдинг!.. Илоҳий, Ўзингга тавба қилдим! Буларни яхшиликка қайтар!..» – дер эдилар. Шунда биз ғазабланганларини билар эдик ва Шайхни бу балодан чиқариш учун тавба қилар эдик...»


Шайх Фаридуддин Аттор ҳазратларининг
"Тазкират ул-авлиё" асаридан.
Форс тилидан Устоз Мирзо Кенжабек таржимаси.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим! Лутф айладинг дўсту ёрларга,
Дўстларни яширдинг сирли ғорларга.
Сўз ила ҳаммага хитоб қилсанг ҳам,
Хос икром кўргуздинг қалби борларга!..
(Каҳф, 10: Қоф, 32-33-34).


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

"Зилол булоқ"  нашриётида тўртта шеърий китоб чоп этилди.

Шулардан бири -- истеъдодли шоира Гули Зебо Иброҳимованинг "ДИЛ МАКТУБЛАРИ" китоби.
Бу китоб кўнгилнинг кўнгилга мактубларидир.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ижтимоий тармоқда журналист Сайёра Шодиеванинг "ИСЛОМ МАМЛАКАТЛАРИ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ" ҳақидаги мақоласи кенг тарқалмоқда. Мақола матнини эътиборингизга ҳавола этамиз, азизлар.

****

15 ЙИЛЛИК МАШАҚҚАТ, ИЖОД ВА ИЗЛАНИШ МАҲСУЛИ...

****

Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар сокинлик билан улкан ишларни амалга оширишади. Ҳатто биз оддий ижод аҳли бундан бехабар юрамиз. Ва кутилмаганда улкан меҳнат маҳсулидан ҳайратга тушамиз.

"ИСЛОМ МАМЛАКАТЛАРИ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ" китобининг нашр этилиши Ўзбек илмий, ижодий майдонида ўзига хос янгилик бўлди. Чунки бу Ўзбекистон маънавий, маърифий ҳаётидаги илк бор тасниф этилган энциклопедиядир.

Мазкур китоб тузувчи-муаллифи ёш олима, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Рахшона Кенжабоеванинг салкам 15 йиллик машаққатли изланишлари маҳсулидир...

Китобнинг нашр этилиши ва уни менга ҳам туҳфа этилиши, очиғи мен учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Китобда қандайдир жозиба, руҳан жонли тетикликни ҳис қилади одам. Интернет титкилаб инсон бу ҳузурни топа олмайди.

Албатта, юртимизда шундай бутун ҳаётини илм ва фан ривожига бағишлаган ва мана шундай ажойиб йирик китобларни кенг китобхонлар оммасига тақдим этаётган маърифатпарвар инсонларнинг борлиги одамни қувонтиради.

Мазкур китоб билан энди танишиб чиқишни бошлар эканман, бир жиҳат эътиборимни тортди. Унда нафақат ислом мамлакатларининг исломга оид тарихи, балки аҳолиси, географик ўрни, сиёсий харитаси иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги, маорифи ва яна кўплаб қимматли маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Китоб жуда йирик ҳажмда бўлиб, 660 саҳифадан ошиб кетган. Ва юздан ортиқ исломий ва ислом маданияти етиб борган ўлкалар тарихи ва улар ҳақидаги кўплаб маълумотларни ҳам қамраб олган.

Хусусан, илк саҳифалардан ўрин олган Афғонистон тарихини алоҳида қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда Афғонистон Ислом Амирлиги тарихига доир малумотлар янада мукаммал баён қилинган.

Дунёларга достон бўлган қадим Афғон диёри, бу ўлкага ислом динининг қандай кириб келгани, аҳолиси, бугунги кундаги ижтимоий сиёсий ҳаёти, қишлоқ хўжалиги, саноати, маорифи, ташқи ва ички савдоси, соғлиқни сақлаш тизими ҳақида деярли ҳеч нарса билмаслигимга амин бўлдим... Афғон диёрида яшовчи миллатлар ва у ерда ўн миллиондан ортиқ миллатдошларимизнинг истиқомат қилиши бу мамлакатга бўлган қизиқишимни ниҳоятда оширди.

Ҳазрат Навоийдек зотлар нафаси кезган бу диёрга ҳурматим ошди.

Албатта, бу ҳали бошланиши. Яна юзлаб элат ва миллатлар тарихи билан танишиш имкони ҳали олдинда.

Шундай ўринда мазкур китоб тузувчи-муаллифи, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Рахшона Кенжабоевага ва барча таҳририй гуруҳга ўз миннатдорчилигимни билдираман...🙏

Ва уларга янада улкан ижодий ютуқлар тилаб қоламан!

Сайёра ШОДИЕВА
23.06.2025.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛ КИРДИ:
1447

БУГУН:
ПАЙШАНБА.
ҲИЖРИЙ 1447 ЙИЛ.
МУҲАРРАМ ОЙИНИНГ 1-КУНИ.
Милодий 2025 йил, 26-июнь.

ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
***

ҲИЖРИЙ 1447 ЙИЛ ТАҚВИМИ

(Ҳижрий 1447, милодий 2025–2026 йиллар)

• 26 июнь (2025) – Ҳижрий янги йилнинг бошланиши.
• 5 июль (2025) – Ашуро куни.
• 3 август (2025) – Мавлид мавсуми.

• 21 декабрь (2025) – уч ойларнинг бошланиши
(Ражаб, Шаъбон, Рамазон).
• 25 декабрь (2025) – Рағоиб кечаси.

• 15 январь (2026) – Меърож кечаси.
• 2 февраль (2026) – Барот кечаси.

• 19 февраль (2026) – Рамазон ойининг бошланиши.
• 16 март (2026) – Рамазон ойининг 27-кечаси.
• 19 март (2026) – Рамазон ҳайитининг арафаси куни.
• 20 март (2026) – Рамазон ҳайити.

• 18 май (2026) – Зулҳижжа ойининг бошланиши.
• 26 май (2026) – Арафа куни.
• 27 май (2026) – Қурбон ҳайити.

***

ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

***

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим! Ҳеч туганмас саховатинг бор,
Ҳар жонга ризқ учун кафолатинг бор.
Ҳар ишга Сен қодир, фақат Сен вакил,
Ҳар ишга бир Сенинг ваколатинг бор!..

(Ҳуд, 6; Анъом, 102; Зумар, 62).


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
Forwarded from Muhammadbobur Moʻmin
* * *

Дунёга киришмоқ осон, илло қайтиб чиқмоқ мушкул.

* * *

Юмшоқ (чиройли) кийимга ва тотли емакларга чалғима, эртага (охиратда) кийимингдан кўрк ва емагингдан тот топа олмайсан.

* * *

Ҳамиша юмшоқ-содда кўнгилли бўл, Аллоҳ таъоло юмшоқ-содда кўнгиллиларни севар!

* * *

Ҳар ким ўз менлигини қимматли тутса, тавозуъдан насиби бўлмагай.


“Ҳикмат хазинаси” китобидан,
Мусанниф Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Термиз. Ҳазрати Шайх Ҳаким Термизий зиёратларида.
1447 йил, 1-муҳаррам, пайшанба.
2025 йил, 26-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Сурхондарё вилояти, Узун тумани, кўҳна Ашуржийлон (ҳозирги Меҳнат) қасабасида ҳазрати Шайх, улуғ авлиё, шаҳид Ашур Жийлон Бобо қабрлари зиёрат қилинди ва фикр-таклифлар дафтарига эсдалик ёзуви битилди.

Ҳижрий 1447 йил, 1-муҳаррам, пайшанба (янги йилнинг биринчи куни).
2025 йил, 26-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
ЖУМЪА.
Ҳижрий 1447 йил.
Муҳаррам ойининг 2-куни.
Милодий 2025 йил, 27-июнь.

ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ ВА КУНЛАРНИНГ САЙЙИДИ - ЖУМЪА КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

ТЕРМИЗ МАНЗУМАСИ

Дунёда борми ҳеч қалъа – безавол?
Тарих биздан кулар: «Бу нечук савол? –

Инсон қўли билан неки бунёддир,
Охир-оқибатда бир кун барбоддир...

... Аммо Термизийлар шавкати боис
Термизни безавол атамоқ жоиз...


Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****
Бутун файзу баракотнинг калити сабрдир: то иродат (муридлик) сен учун дуруст бўлгунича, иродат манзилида сабр этмоқ лозим. Иродат дуруст бўлгач, баракотлар энг биринчи бўлиб сенга очилажакдир.

****
Тонгда тураман, одамларга қарайман: ким ҳалол луқма еганини биламан ва ким ҳаром еганини ҳам биламан.
- Қандай биласиз? – деб сўрадилар.
Шайх айтди:
- Кимки тонгда туриб, тилини лағв-беҳуда, ғийбат ва фаҳш сўзлар билан машғул қилиб турган бўлса, биламанки, у ҳаром луқма еган. Кимки тонгда туриб, тилини Ҳақ зикри - таҳлил ва истиғфор билан машғул қилиб турган бўлса, биламанки, у ҳалол луқма еган.

****
Ҳазрат Одам алайҳиссалом даврларидан бошлаб, то бугунгача юз берган фитналарнинг ягона сабаби оломонга аралашувдир. Ва яна ўша даврдан бошлаб то бугунги кунгача ихтилотни – оломонга аралашувни дафъ этмаган бирор-бир инсон борки, омонлиқ топмади.


Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК,
«Буюк Термизийлар» китобидан.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
ДУНЁ СИЗНИКИДИР
(Баъзи дунёдорларга)

Дунё сизникидир, киринг қатига!
Менинг озуқамдир хўрлик, ҳақорат.
Мен элнинг муборак маломатига,
Қутлуғ таънасига қилгум таҳорат.

На дўст, на қўлловчи бирор кишим бор,
Қиёмат кун каби муҳтожман Ҳаққа.
Дунё сизникидир, нима ишим бор,
Гарчанд оғриқларим етгай суякка.

Борлиқ сизникидир, ястанинг ийиб,
Дод демам ҳеч аҳли олам дастидан.
Сўзлагим келса гар, дунёни қўйиб,
Сўзлайман ё осмон, ё ер остидан.

Қулоқни келтиринг, майли, қоматга,
Бордир на даъвомиз, на дил комимиз.
Ҳалал берса сизнинг истиқоматга,
Битсин шуҳратимиз, ўчсин номимиз.

Қани, ким кияркан йўқлик абосин,
Иброҳим Адҳамдек, жазб этиб висол!
Ул ечиб дунёю давлат либосин,
Охират хирқасин кийгани мисол!

Бу борлиқ, бу кибор ҳаловат, ҳавас
Сизгадир, ишратлар, бахмал, барқутлар.
Бас, энди англадим, менга керакмас,
Намруд, Фиръавндан қолган сарқитлар.

Дунё сизникидир, мана – қуруқ тан,
Менга ўлимнинг ҳам йўқдир зиёни.
Бу моддий дунёда мен йўқман, зотан,
Бўшатиб берганман сизга дунёни!..

1997
Мирзо Кенжабек


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ҳазрати Шайх, улуғ авлиё, шаҳид Ашур Жийлон Бобо зиёратларидан хотира.

Суратда: Мирзо Кенжабек, меҳмонлар ва дўстлар.

1447 йил, муҳаррам ойининг 1-куни, пайшанба.
2025 йил, 26-июнь.

Сурхондарё. Кўҳна Ашуржийлон.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни!

ИЖТИМОИЙ ДАРД

Сен учун синдирдим синмас созимни.
(Рауф Парфи).

Тенгдошларим масрур ютуқлар билан,
Парвозу донглари – кимгадир армон.
Мен эсам курашчан нутқлар билан,
Мақолалар билан бўлдим андармон.

«Мирзо қолиб кетди...» – Ўқлар бесаноқ,
Учар нафсу тамаъ пастликларидан.
«Соф» шоир бўлардим, олмасам сабоқ,
Фақат ҳақ ва қасос дарсликларидан.

Келгайдир мени ҳам тушунгич замон:
Елларга совурдим қонли додимни,
Истиқболинг учун, юртим, онажон,
Қурбонликка сўйдим истеъдодимни!

Қалбимнинг қаъридан шеър унган кундан
Борми ҳаётимда қутлуғроқ сана!
Қон силқиб турганда сенинг кўксингдан,
Мен қандоқ шод куйчинг бўлайин, она?!

Бас! Иқбол қуёши бу кун тутилган,
Жонимда дарёлар қизиб, тошадир.
Кўзлар осмонидан юлдуз тўкилган,
Тоғлар вужудимда юрар, учадир...

Мен тинглаб бир мубҳам қирғоқдадирман,
Қисматнинг гулдирос кулгуларини.
Балки, ўз жисмимда кўрмоқдадирман
Бу кун охирзамон белгиларини.

Оҳим! Осийларни оёққа қалқдир,
Қиёмат кўргузмай далил-ҳужжатин –
Ки, бу ҳам яшашга ҳаққи бор халқдир,
Қалбларга қадаб қол қасос кўчатин!

Мағлуб қисматимиз – англанмас тилсим,
Кўкламни алишдик мунглуғ хазонга.
Энди интиҳолар, туганчлар бўлсин,
Ҳур қалбни банд этиб қўйган давронга!

Ким дўзах тузумни яшар «қуллуқ»лаб?
Ўликлар тушунмас қонли додимни.
Юртим! Эркинг учун ўзим куллуклаб,
Қурбонликка сўйдим истеъдодимни.

На ижод, на довруқ истак-нажотим,
Дилларни поклайин ноҳақ шубҳадан:
Буткул сабил қолсин менинг ижодим,
Фақат озод бўлсин шу халқ, шу Ватан!..

1989

Мирзо Кенжабек


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Шанба.
Ҳижрий 1447 йил.
Муҳаррам ойининг 3-куни.
Милодий 2025 йил, 28-июнь.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
СУЛТОНИ СОДОТ

****

Мангу лабларини юммас соҳиллар,
Жайҳун калом бўлсин, Султони Содот.
Келдик саодатга ташна кўнгиллар,
Дилдан салом бўлсин, Султони Содот.

Тарих тазкираси, Термиз келбати,
Саййидлар даҳмаси, шоҳлар марқади,
Инсон ким бўлса ҳам, ердир иззати –
Иззат-икром бўлсин, Султони Содот!

Темурий султонлар кўргузиб эъзоз,
Мақбара қурмишлар – муҳаббат асос.
Янги наслларга бу ҳурмат, ихлос
Ибрати том бўлсин, Султони Содот.

Кўнглим маъно топар харобалардан,
Офтоб иси келар офтобалардан.
Сиздан салом келгай саҳобалардан,
Салом мудом бўлсин, Султони Содот!

Бўлур ҳар даврда ўзгача шитоб,
Ўзга сўз, ўзга ғул, ўзгача итоб,
Ўлик кўнгилларга қабрдан хитоб –
«Йуҳйил-ъизом»¹ бўлсин, Султони Содот!

Ҳар туннинг тонги бор, ҳар куннинг шоми,
Тузоқдан узоқдир қушлар илҳоми,
Қалбин Ҳаққа берган поклар мақоми – 
Юксак мақом бўлсин, Султони Содот.

Дунёда на шон, на дунё талашдим,
Талашсам, нур ила маъно талашдим,
Букун болалардек бобо талашдим – 
Менинг бобом бўлсин Султони Содот!

Юртимда нубувват изи турганда,
Набий зурётларин ўзи турганда,
Раббимнинг муқаддас сўзи турганда,
Сўзлар тамом бўлсин, Султони Содот!

Султонни кўп кўрди дунё, ниҳоят,
Барида юз низом, юз хил риоят,
Ҳикмат шу: то абад адлу ҳидоят
Олий низом бўлсин, Султони Содот!..

2001 й.

(1) ИЗОҲ. Ёсин сураси, 78-79-оятларидан, маъноси: “У (инсон) ўз асли – яратилишини унутиб, Бизга мисол келтиришга ўтди: «Шу чириб кетган суякларни ким тирилтиради?!» – деди. (Эй Расулим!) айтинг: «Уларни илк марта яратган Зот тирилтиради! У ҳар турли яратишни билгувчидир!»


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
****

Раббим, умидимни барбод айлама,
Бу ношод кўнглимни ношод айлама.
Қалбга нидо келди: «Гар ошиқ бўлсанг,
Минг жафо кўрсанг ҳам, фарёд айлама!»


Мирзо КЕНЖАБЕК


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
HTML Embed Code:
2025/06/28 08:06:04
Back to Top